Ўзбекистонда интернет орқали ноқонуний қимор ўйинлари, лотереялар ва букмекерлик хизматлари учун жарималар жорий қилинди.
Ушбу тартиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 19-апрелдаги ПФ-68-сон “Лотереялар ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва ўтказишни тартибга солишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланган.
Жарима Ўзбекистон фуқароларига ноқонуний хизмат кўрсатган хорижий компанияларга ҳам қўлланади. Шунингдек, лицензиясиз фаолият юритаётган маҳаллий ташкилотлар ҳам жазоланади. Мазкур низом ташаббускори Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА) бўлиб, жаримани мазкур агентлик белгилайди.
Жарима миқдори компания устав фондининг 1 фоизигача бўлиши мумкин. Хорижий компаниялар эса 10 мингдан 25 минггача базавий ҳисоблаш миқдорида жаримага тортилади.
Махсус комиссия қарорига асосан, ёзма хабарнома юборилади. Жарима 15 кун ичида тўланиши керак. Тўланмаса, суд орқали ундирилади.
Қоидабузарликлар орасида лицензиясиз фаолият, болалар иштирокидаги ўйинлар ва нотўғри реклама бор. Шунингдек, маълумотларни ҳимояламаслик ва ноқонуний тўловлар ҳам жазоланади.
Жарималар тенг иккига бўлинади. Ярми давлат бюджетига, ярми ИЛМА ҳисобига тушади.
Агар компания қарорга рози бўлмаса, 15 кун ичида шикоят бериши мумкин. Шикоят апелляция кенгашида ёки судда кўриб чиқилади. Бу тартиб қимор ўйинларини назорат қилиш ва қонунбузарликларнинг олдини олиш учун жорий этилган.