Ахлоқсиз опасини ўлдирган укага 8 йил қамоқ жазоси тайинланди

Аввалроқ, жорий йилнинг 14 февраль куни Тошкент вилояти Чиноз туманида 1999 йилда туғилган ука 1995 йилда туғилган ўз опасини пичоқлаб ўлдириб қўйгани ҳақида хабар берган эдик.

Унга кўра, 2 фарзанднинг онаси бўлган 1995 йилда туғилган аёл доимий равишда онаси ва укаси билан жанжаллашиб келган. Маълум бўлишича, у турмуш ўртоғи билан ажрашган ва ота уйида яшаб келаётган бўлган.

Айни воқеа содир бўлган “Мевазор” МФЙ фуқаролари қизнинг ўзи аввалдан ахлоқсиз бўлганлиги, онасига кун бермаслиги, укаси билан эса доимий келишмовчиликлар мавжуд бўлганлиги ҳақида айтиб берган.

“Бу воқеа кредитдан бошланган эди. Опам кўпинча пул етказа ололмасди. Отамиз бўлмаган. Шунинг учун унга қаттиққўллик етишмади, тарбиясиз бўлиб вояга етди. Воқеа содир бўлган тунда опам хонамга пичоқ билан келди ва уни менга ўқталди. Қўлимни кесиб юборди. Қонни кўрганимдан кейин ўзимни бошқара олмадим”, -дейди жиноятчи.

Жиноят ҳужжатларида келтирилишича, ука ўз опасини сал кам 60 маротаба пичоқлаган ва унинг жасадини гиламга ўраб, “балконга” олиб чиқиб қўйган. Ушбу иш Жиноят ишлари бўйича Чиноз тумани судида кўриб чиқилди.

Суд қарорига кўра, судланувчи Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисм “ж” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланиб, айни шу модда ва Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.