Президент Шавкат Мирзиёев имзолаган “Давлат бошқаруви тизимида самарадорлик, проактивлик ва натижадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга мувофиқ, вазирлик ва идораларнинг қарор қабул қилишдаги ваколатлари кенгайтирилди.
Фармонда белгиланишича, давлат органлари энди ўзлари бошқарадиган соҳаларда мустақил равишда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ваколатига эга бўлади. Бу ўзгаришлар орқали бюрократик тўсиқлар қисқартирилиб, идораларнинг проактив фаолият юритишига йўл очилади.
Шунингдек, Ҳукумат қарорлари, идоравий ҳужжатлар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳужжатлари билан тартибга солинадиган масалалар рўйхати белгиланади. Бу рўйхат асосида идораларнинг қайси йўналишларда мустақил қарор қабул қилиш ҳуқуқи борлиги аниқ белгиланади.
Янги тартибга кўра, идоравий ҳужжатларни Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида уларни қайта ишлаш (таҳрирлаш) имконияти яратилади. Шунингдек, ушбу ҳужжатларни халқаро стандартларга мослаштириш мақсадида уларга ҳуқуқий нормалар киритишга ҳам рухсат берилади.
Фармоннинг ушбу бандлари идоралар салоҳиятини ошириш, масъулиятни аниқ белгилаш ва ҳуқуқий тизимни янада такомиллаштиришга хизмат қилиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, такрорланувчи назорат функцияларини бекор қилиш, қарор қабул қилишда шаффофлик ва очиқликни таъминлаш нуқтаи назаридан самарадорлиги оширилади.
Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш борасида маҳаллий ҳокимликларнинг иқтисодий, маъмурий ва молиявий ваколатлари янада кенгайтирилади.
Фармон талабларини инобатга олган ҳолда Ҳукумат ижро аппарати ва ижро этувчи органларнинг штат-тузилмалари ҳам қайта кўриб чиқилади ва мақбуллаштирилади.