Уй-жой бозоридаги тенденциялар: Пойтахтда пасайиш, вилоятларда ўсиш

2025 йилнинг илк ярмида Ўзбекистонда уй-жой савдоси фаол бўлди — ўтган йилнинг шу даврига нисбатан битимлар сони 10 фоизга ошди ва 136,5 мингта хонадон харид қилинди. Фақат июнь ойининг ўзида 21 мингта кўчмас мулк олди-сотдиси амалга ошди, бу эса ўтган йилги июнга қараганда 3 фоизга кўпроқ. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълум қилди.

Вилоятларда савдо ўсиши қайд этилди

Айниқса, Жиззах вилоятида бозор жуда фаол — савдо ҳажми 29,9 фоизга ошган. Навоий вилоятида 18,3 фоиз, Сурхондарёда эса 17,7 фоизлик ўсиш қайд этилган. Бошқа тарафдан, Тошкент вилоятида уй-жой битимлари камайган — 2,6 фоизга пасайиш кузатилган.

Иккиламчи бозорда нархлар барқарор

Июнь ойида иккинчи қўлдаги уйлар нархи май ойига нисбатан жуда кам — 0,3 фоизга қимматлашган. Бир йиллик солиштирмада эса бу ўсиш 2 фоизга яқин. Жиззахда июнда нархлар бироз тушган бўлса-да, йилликда 12 фоиз атрофида ўсган. Сурхондарё, Хоразм, Наманган ва Қорақалпоғистонда ҳам ўсиш тенденцияси сақланмоқда.

Тошкентда арзонлашув

Пойтахтда иккиламчи бозор секинлашган — нархлар ўтган йилга нисбатан 5 фоизга пасайган. Янги қурилган уйлар ҳам арзонлашган, аммо бу кўрсаткич 2 фоиз атрофида. Энг кўп тушиш Мирзо Улуғбек, Яшнобод ва Чилонзор туманларида қайд этилган. Янги уйлар эса Учтепа, Юнусобод ва Шайхонтоҳур туманларида анча арзонлашган.

Ижара нархлари барқарор, лекин баъзи туманларда нарх тушган

Ижара бозорида сезиларли ўзгариш кузатилмади — июнь ойида Тошкентда ижара нархи ўртача 1 квадрат метр учун 8 доллар бўлиб қолди. Энг юқори ижара ҳали ҳам Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида — 10 доллар атрофида.

Йил давомида ижара нархлари умумий ҳисобда 2 фоиздан ортиқ тушган. Учтепа, Яшнобод ва Чилонзор туманларида бу тушиш анча яққол кўзга ташланган.