Давлат қабул комиссиясининг тегишли баёни билан 2025-2026 ўқув йили учун давлат олий таълим муассасаларига минимал ўтиш баллари тасдиқланди.
Унга кўра:
🔹 давлат гранти бўйича минимал ўтиш бали – 68,0 балл (максимал 189,0 баллнинг 36%);
🔸 тўлов-контракт бўйича минимал ўтиш бали – 56,7 балл (максимал 189,0 баллнинг 30%) этиб белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, кечадан oлий таълим муассасалари ва таълим йўналишларини танлаш бошланди.
Олий ва профессионал таълим муассасаларига кириш тест синовларида иштирок этган абитуриентлар 2025 йил 25 июлдан 8 августга қадар 15 кун давомида олий таълим муассасалари ва таълим йўналишларини танлашлари лозим.
Бунинг учун my.uzbmb.uz платформасининг “Олий ва профессионал таълим муассасаларига қабул” бўлимига кириб, “Хизматдан фойдаланиш” тугмаси босилади ва “ОТМ танлаш” бўлимига ўтилади.
- Дастлаб абитуриент “Танлов устуворлиги” ва “Мақсадли қабул” бўйича ўз танловини амалга оширади.
- Шундан сўнг абитуриент тест топширган фанлар мажмуаси ва таълим тилига мос бўлган бештагача олий таълим муассасаси ва таълим йўналишини таълим шакли билан бирга танлайди.
- Бунда таълим йўналишларини бир олий таълим муассасаси ёки турли олий таълим муассасалари доирасида танлаш мумкин.
Таълим йўналишларини танлаб, “Сақлаш” тугмаси босилгандан сўнг маълумотларни тасдиқлаш учун абитуриентнинг телефон рақамига СМС хабар юборилади. СМС хабардаги кодни дастурга киритиш орқали маълумотлар тасдиқланади.
Маълумотлар тасдиқланганидан сўнг, “Абитуриент қайд варақаси” шаклланади. Қайд варақасида абитуриент танлаган танлов устуворлиги, таълим шакллари, олий таълим муассасалари ва таълим йўналишлари акс этган бўлади. Юклаб олиш тугмаси орқали абитуриент қайд варақасини юклаб олиши мумкин.
Абитуриентлар таълим йўналишларини танлаш муддати якунлангунга қадар ўз маълумотларини ўзгартиришлари ва қайд варақасини қайта юклаб олишлари мумкин.
Маълумот ўрнида, абитуриентларнинг талабаликка тавсия этилган ёки этилмагани тўғрисидаги якуний танлов натижалари таълим йўналишларини танлаш тўлиқ якунлангандан сўнг бир ҳафта муддатда эълон қилинади.