Ҳеч қачон йўл ёқасидан тарвуз-қовун сотиб олманг: “Санэпидқўмита” огоҳлантирди

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси аҳолини йўл ёқасидан тарвуз-қовун сотиб олмасликка чақириб, қовунни куннинг қайси қисмида ейиш мумкин эмаслиги ҳақида маълумот берди.

Қўмита хабарида айтилишича, пишган қовунни оч қоринга, шунингдек кечқурун соат 17:00 ва 19:00 кейин истеъмол қилиш тавсия этилмайди. Углевод маҳсулотларини кечқурун истеъмол қилиш инсулиннинг кўпайиши ва ёғларнинг тўпланишига олиб келади.

Шунингдек, истеъмол қилиш мумкин бўлмаган яна бир қанча ҳолатлар мавжуд. Ошқозон яраси ёки гастритнинг кучайган даврида қовун истеъмол қилиш мумкин эмас. «Ҳеч қачон йўл ёқасида тарвуз ва қовун сотиб олмаслигингиз керак.

Бундай полиз маҳсулотлари ва мевалар автотранспорт воситаларининг чиқиндиларидан токсик моддаларни ўзига ўзлаштиради ва соғлиқ учун зарарли ҳисобланади»,– дея огоҳлантирди “Санэпидқўмита”.

Маълумот ўрнида, тўғри истеъмол қилинган қовун ич қотиши, кўришни яхшилаш, остеопороз, рахит ёки псориаз, тери, соч ва тирноқларнинг ҳолатини яхшилашга ёрдам беради.