Каспий денгизи рекорд даражада сув йўқотмоқда

Каспий денгизи сатҳи бутун инструментал кузатувлар тарихида биринчи марта минус 29 метрдан пастга тушди (Болтиқ бўйича баландлик тизими). Бу ҳақда ТАСС агентлигига Каспий балиқ хўжалиги илмий-тадқиқот институти (КаспНИРХ)нинг Волга–Каспий филиали хабар берган.

Энг катта зарба Россия ва Қозоғистон қирғоқларидаги саёз шимолий қисмга тегмоқда: сувнинг чекиниши натижасида илгари тирик организмларга бой бўлган кенг майдонлар қуриб, очилиб қолмоқда. Экотизим майдонининг қисқариши денгиз ҳаёти учун хавф туғдирмоқда.

Мутахассисларнинг эслатишича, Каспий сатҳи пасайиши 1990-йилларнинг ўрталаридан бери давом этмоқда. 2020-йилдан буён унинг сатҳи 0,8 метрга тушиб кетган. Асосий сабаб — Волга дарёси оқимининг камайиши. У Каспийга тушадиган пресиз сувнинг 80 фоизини, сув балансининг эса 64 фоизини таъминлайди.

Сўнгги тўрт йилда Волганинг йиллик оқими 210–232 куб километр атрофида бўлган. Бу кўп йиллик меъёрдан (250 куб км) сезиларли даражада паст. Олимларга кўра, денгиз сатҳи фақат 270 куб км атрофидаги барқарор оқим тикланганда кўтарилиши мумкин — худди 1970–1990-йиллар ўрталарида бўлгани каби.

Пасайиш жараёнини тезлаштираётган бошқа омиллар:

Иссиқхона газлари туфайли ҳароратнинг ошиши ва натижада денгиз ҳамда дарёлардан сувнинг тез буғланиши;

Қишлоқ хўжалиги, саноат ва коммунал хўжалик эҳтиёжлари учун дарё сувларининг ортиқча сарфланиши.

Россия Табиат ресурслари вазирлиги Каспий сатҳининг пасайишини секинлаштириш учун комплекс дастур ишлаб чиқмоқда. Режада — прогнозларни яхшилаш, зарарли оқибатларни камайтириш ва хўжалик фаолиятини мослаштириш чоралари бор.

Маълумот учун: Каспий — Ер юзидаги энг катта ёпиқ сув ҳавзаси. 130 дан ортиқ дарё унга қуйилади, энг йириклари — Волга, Урал, Терек, Сулақ ва Самур. Қирғоқларида беш давлат — Россия, Қозоғистон, Туркманистон, Озарбайжон ва Эрон жойлашган.