Тошкент шаҳрида қурилиш соҳасида қонунбузарликларга қарши қатъий чоралар кўрилмоқда. Шаҳар ҳокимлиги ахборотига кўра, ҳужжатлари тўлиқ ёки умуман мавжуд бўлмаган 59 та уй-жой объектининг қурилиши тўхтатилган.
Маълум қилинишича, сўнгги ойларда пойтахтда айрим қурилиш компаниялари томонидан рухсатсиз қурилиш ишлари, экспертиза хулосаларисиз фаолият олиб бориш ва қонунга зид равишда фуқароларга уй сотиш ҳолатлари аниқланган. Бу эса баъзи одамларни молиявий зиёнга учратиб, уй-жойсиз қолишига сабаб бўлган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ушбу ҳолатларга нисбатан принсипиал ва муросасиз позицияни эгаллаган ҳолда, қурилиш тартиби ва фуқаролар манфаатини ҳимоя қилиш мақсадида бир қатор объектларнинг қурилишини тўхтатди. Хусусан:
- Олмазор тумани — 5 та объект
- Чилонзор — 5 та
- Миробод — 8 та
- Мирзо Улуғбек — 7 та
- Сергели — 3 та
- Учтепа — 2 та
- Яккасарой — 2 та
- Янгиҳаёт — 17 та
- Яшнобод — 3 та
- Юнусобод — 4 та
- Бектемир — 3 та
Ушбу объектлар қурилиши тўлиқ тўхтатилиб, электр таъминотидан узиб қўйилган. Мониторинг ишлари давом эттирилмоқда ва аниқланган ҳар бир қонунбузарлик юзасидан белгиланган тартибда чоралар кўрилади.
Шу муносабат билан шаҳар ҳокимлиги аҳолини уй-жой хариди жараёнида максимал даражада эҳтиёткор бўлишга чақирмоқда. Жумладан:
- Барча ҳуқуқий ҳужжатларнинг (кадастр, экспертиза хулосалари, техник кўрик далолатномаси) асл нусхаларини талаб қилиш ва уларни синчковлик билан текшириш;
- Пулни норасмий йўллар билан эмас, фақат расмий шартнома асосида тўлаш;
- Агар қурилиш компанияси ҳужжатларни тақдим қилишни кечиктирса ёки шубҳа туғилса, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг расмий боти орқали маълумот сўраш.
Шу билан бирга, ҳокимлик тадбиркор ва қурилиш ташкилотларига ҳам мурожаат қилиб, ҳар қандай фаолиятни бошлашдан аввал барча зарур ҳужжатларни расмийлаштиришни қатъий тавсия этди.
“Тошкент шаҳар ҳокимлиги қурилиш талабларига риоя этмаган, фуқаролар ҳуқуқларига зарар етказган ҳар қандай ташкилот ёки шахсга нисбатан қатъий чоралар кўради. Бизнинг асосий вазифамиз — аҳолининг хавфсиз, тинч ва қонуний уй-жойга эга бўлишини таъминлаш”, — дейилади расмий хабарда.