Ўзбекистонда охирги 5,5 йил давомида 155 минг нафарга яқин маҳкум муддатидан илгари озодликка чиқарилган. Бу ҳақдаги Олий суд таҳлилларида келтирилган.
2025 йил январь июнь ойларида Ўзбекистонда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 17 минг 144 нафар шахс жазони ўташ муддатидан илгари шартли озод қилинган. Шу билан бирга, 5 минг 467 нафар шахснинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилган.
Таққослаш учун, 2023 йил мос даврида 15 минг 909 нафар, 2024 йил I ярмида 16 минг 624 нафар маҳкум муддатидан олдин озодликка чиқарилган. Ўтган йилнинг январь июнь ойларида 6 минг 222 нафар маҳкум жазоси енгиллаштирилган.
Беш йил давомида муддатидан олдин шартли озод қилинганлар сони қуйидагича бўлган:
- 2020 йилда — 21 минг 970 нафар;
- 2021 йилда — 21 минг 780 нафар;
- 2022 йилда — 26 минг 753 нафар;
- 2023 йилда — 33 минг 612 нафар;
- 2024 йилда — 33 минг 151 нафар.
Аввалроқ шу йилнинг I ярмида республикада судлар оқлаган шахслар сони 2024 йил мос давридагидан 2,5 бараварга камайгани хабар қилинганди.
Маълумот учун, 2024 йилда мамлакат судларида жами 61 минг 481 та жиноий иш кўриб чиқилгани очиқланган. Йил давомида жиноят ишлари бўйича судларда охирги беш йилликдаги энг кўп — 77 минг 995 киши судланган. Улар содир этган жиноятларнинг ижтимоий хавфлилик даражаси турлича бўлган. Хусусан, 31 минг 212 шахс (40 фоиз) ижтимоий хавфи катта бўлмаган, 19 минг 688 фуқаро (25 фоиз) унча оғир бўлмаган жиноятлар содир этган. Қарийб 22 минг 951 киши (29 фоиз) оғир, 4 минг 144 киши (5 фоиз) ўта оғир жиноятга қўл урган.
Ўтган йили республикада 20 минг 655 шахсга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Бу охирги беш йилликдаги рекорд рақам ҳисобланади. Жумладан, 2020 йилда 7 минг 107 киши, 2021 йилда 12 минг 922 киши, 2022 йилда 17 минг 610 киши, 2023 йил 17 минг 391 киши озодликдан маҳрум этилган.