Шахноза Мирзиёева халқаро ташкилот аъзолигига қабул қилинди

Сингапурда ўтказилган сув спорт турлари бўйича жаҳон чемпионати доирасидаги World Aquatics федерацияси Конгрессида Шахноза Мирзиёева ушбу ташкилот бюроси аъзолигига қабул қилинди. Бу ҳақда у ўзининг Instagram саҳифасида маълум қилди.

World Aquatics Ижроия қўмитаси бюросининг янги таркибини шакллантириш доирасида қабул қилинган мазкур қарор билан Шахноза Мирзиёева халқаро даражадаги муҳим лавозимга тайинланди.

Ўз фикрларида Шахноза Мирзиёева ушбу вазифани мамнуният билан қабул қилганини таъкидлаб, бу нафақат шахсий эътироф, балки спортни барча учун очиқ қилиш йўлида меҳнат қилаётган жамоанинг ютуғи эканини қайд этди.

“Мен учун ушбу ташкилотнинг бир қисми бўлиш ва Ўзбекистон манфаатларини глобал даражада илгари суриш катта масъулиятдир. Бу эътироф фақат шахсан менга эмас, балки спортни ҳар қандай шароит ва имкониятлардан қатъи назар, ҳамма учун очиқ қилиш йўлида меҳнат қилаётган жамоамизнинг ҳам ютуғидир”, — деди Шахноза Мирзиёева.