Агар иложи бўлса, ўзингиз ёки бошқа бировлар ҳақида тўлиқ исм, манзил, телефон рақам, паспорт рақами каби махфий маълумотларни киритмаслик тавсия этилади.
OpenAI бош директори Сем Алтманнинг таъкидлашича, ChatGPT билан олиб борилган ёзишмалар юридик жиҳатдан ҳимояланмаган бўлиб, улар суд жараёнларида фойдаланилиши мумкин.
OpenAI бош директори Сем Альтман ChatGPT орқали олиб борилган ёзишмалар юридик жиҳатдан ҳимояланмаганлигини ва суд жараёнларида ошкор қилиниши мумкинлигини маълум қилди. Бу ҳақда Business Insider хабар берди.
Бугунги кунда, айниқса ёшлар орасида, ChatGPT’дан психологик, тиббий ёки молиявий масалаларда маслаҳат олиш учун фойдаланиш ҳолатлари ортиб бормоқда.
Бироқ, Тео Воннинг подкастида компания асосчиси бу каби суҳбатлар терапевт, юрист ёки шифокор билан бўладиган суҳбатлар каби юридик махфийликка эга эмаслигини тан олди.
«Агар сиз терапевт, ҳуқуқшунос ёки шифокор билан гаплашсангиз, у суҳбатлар юридик жиҳатдан ҳимояланади. ChatGPT билан бўлган суҳбатларда эса бу тизим ҳали ишлаб чиқилмаган», — деди Альтман.
У яна қуйидагича қўшимча қилди: «Агар сиз энг шахсий маълумотларингизни ChatGPT билан баҳам кўрсангиз ва кейинчалик суд жараёни бошланса, биз бу маълумотларни тақдим этишга мажбур бўлишимиз мумкин».
Альтман бу каби ҳолатларни тартибга солувчи ҳуқуқий асос зарурлигини таъкидлади. Унга кўра, Альтман билан суҳбатлашган сиёсатчилар бу масалани зудлик билан ҳал қилиш лозимлигига қўшилишган.
Шунингдек, Альтман сунъий интеллект тобора кенг тарқалаётган бир пайтда, глобал кузатув кучайиб бораётганидан ҳам хавотирда эканлигини билдирди.
«Дунёда сунъий интеллект қанча кўп ишлатилса, шунча кўп давлатлар унинг устидан назорат ўрнатишга уринади», — деди у. «Мен жамоат хавфсизлиги йўлида махфийлигимнинг бир қисмини қурбон қилишга тайёрман, лекин тарих шуни кўрсатадики, давлатлар бу борада ҳаддан ошади. Бу эса мени жиддий хавотирга солмоқда».
Бундан ташқари, 2024 йил июль ойида АҚШ Федерал суди OpenAI компаниясини ChatGPT фойдаланувчиларининг барча суҳбат журналларини, ҳатто фойдаланувчи ўчирган ёки “вақтинчалик” деб белгилаган бўлса ҳам, сақлаб қолишга мажбур қилувчи қарор чиқарди. Мазкур қарор The New York Times томонидан берилган муаллифлик ҳуқуқини бузиш ҳақидаги даъво асосида чиқарилган.
Бу эса фойдаланувчилар тарихидан ўчирган чатлар ҳам аслида тўлиқ йўқ қилинмаслигини англатади. Компания агар суд уларни талаб қилса, маълумотларни тегишли органларга тақдим этишга мажбур бўлади.
Бироқ, OpenAI расмий сайти ва ChatGPT иловасида келтирилишича, фойдаланувчи ўчириб юборган суҳбатлар 30 кунгача сақланиши, кейинчалик эса бутунлай йўқ қилиниши таъкидланган.