Россиялик овчи Сурхондарёда ноёб эчкини овлаш учун 100 минг доллар тўлади

Ижтимоий тармоқларда Россиядан келган овчи Сурхондарё вилоятида Қизил китобга киритилган буқа эчкилар (мархурлар)ни отгани ҳақида хабарлар тарқалди. Экология вазирлиги бу ҳолат юзасидан изоҳ берди ва ов қонуний йўл билан амалга оширилганини маълум қилди.

Вазирлик маълумотига кўра, 2024 йилда ушбу ҳудудда ов қилишга рухсат расмий тарзда берилиб, махсус лицензия асосида тўлов эвазига амалга оширилган. “Ов ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги қонунда ноёб ҳайвонлар сони Фанлар академияси мутахассислари томонидан мунтазам мониторинг қилиниши белгиланган. Уларнинг эксперт хулосалари асосида популяцияга зарар етказмайдиган миқдорда ов қилишга чекланган рухсат берилиши мумкин.

Мархур ҳолатида овчи 100 минг АҚШ доллари миқдорида тўлов қилган. Ушбу маблағлар табиатни муҳофаза қилиш, браконьерликка қарши курашиш ва ҳайвонларнинг яшаш муҳитини сақлаб қолиш тадбирларига йўналтирилади.

«Рухсатнома фақат наслдан чиққан, репродуктив ёшдан ўтган эркак мархурларни овлаш учун берилади. Барча жараён тегишли органлар назоратида амалга оширилади», — дейилади хабарда.

Вазирлик, шунингдек, бундай лицензияланган ов амалиёти бошқа давлатларда ҳам кенг қўлланилишини таъкидлаган. Масалан, Намибияда қонуний овдан йилига 3 миллион доллардан ортиқ даромад олинади, Тожикистонда йилига 10–16 мархур ва 100–115 архар овлашга рухсат берилади. Мўғулистонда эса ҳар йили 90–100 архар ва 50–60 Бухоро буғусини овлаш квоталари мавжуд.