2025 йил 1 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга транспорт соҳасидаги йирик лойиҳалар юзасидан тақдимот ўтказилди.
Иқтисодиёт ривожи ва аҳоли эҳтиёжининг ортиб бориши туфайли транспорт инфратузилмасига бўлган талаб ошиб бормоқда. Хусусан, Тошкент шаҳрига 2030 йилгача авиа йўловчилар оқими 15 миллион нафарга етиши кутилмоқда. Аммо бугунги кундаги аэропорт қуввати бу эҳтиёжни қондиришга етарли эмас. Шу боис, Тошкент вилояти ҳудудида янги халқаро аэропорт қуриш режалаштирилгани маълум қилинди. Ҳозирда мазкур лойиҳа доирасида хусусий шериклик асосида хорижий компаниялар таклифлари ўрганилмоқда.
Шунингдек, тақдимотда йўл хўжалигида амалга оширилаётган ишлар, янги инфратузилмалар ва муқобил йўллар қурилиши ҳақида ҳам ахборот берилди. Автомобил йўллари соҳасига инвестицияларни жалб қилиш мақсадида “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда ишлаб чиқилгани таъкидланди.
Айни пайтда Тошкент — Самарқанд йўналишида муқобил тезюрар йўл қуриш лойиҳасига бир қатор ҳамкор давлатлар компаниялари қизиқиш билдирган. Мутасаддилар ушбу лойиҳа бўйича олиб борилган музокаралар натижалари ва хорижий ҳамкорларнинг таклифлари ҳақида ҳисобот берди.
Президент Шавкат Мирзиёев стратегик аҳамиятга эга бундай инфратузилма лойиҳаларини пухта режалаштириш ва уларни амалий босқичга ўтказиш ишларини жадаллаштириш зарурлигини таъкидлади.