Гўштхўр бактерия Флоридага ҳужум қилди: қурбонлар сони ортмоқда

АҚШнинг Флорида штатида тўқималарнинг ўлишига олиб келувчи ва жиддий асоратларни келтириб чиқарадиган Vibrio vulnificus бактерияси билан касалланиш ҳолатлари кўпаймоқда. Бу ҳақда Palm Beach Post нашри хабар берди.

2025 йил бошидан буён штатда Vibrio vulnificus бактерияси билан касалланишнинг 13 та ҳолати тасдиқланди, шундан тўрт нафар бемор вафот этди. Ўлим ҳолатлари Бэй, Бровард, Ҳилсборо ва Сент-Жонс каби бир нечта округларда қайд этилган. Бу бактерия илиқ, шўр сувда яшайди ва сув ҳарорати кўтарилганда, яъни ёз ойларида фаоллашади. Инфекция организмга икки асосий йўл билан киради: хом ёки яхши пиширилмаган денгиз маҳсулотлари, асосан устрицаларни истеъмол қилиш орқали, шунингдек, зарарланган сув теридаги очиқ жароҳатлар билан тўқнашганда.

Vibrio vulnificus организмда тўқималарнинг тез ўлишига олиб келадиган некротик фасцит ҳолатини келтириб чиқаради. Оғир ҳолатларда, беморнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун қўл ёки оёқни ампутация қилишга тўғри келиши мумкин. Шифокорларнинг таъкидлашича, иммунитети заиф, сурункали жигар касалликлари ва терисида жароҳатлари бор одамлар касалликка айниқса мойилдир. Флорида пляжларига ташриф буюрувчи сайёҳлар ҳам хавф гуруҳига киради.

2024 йилда Флоридада инфекция юқтириш ҳолатлари рекорд даражада — 82 та қайд этилган бўлиб, шундан 19 таси ўлим билан якунланган. Касалликнинг кўпайиши 2024 йил октябрь ойида кенг кўламли сув тошқинларига сабаб бўлган «Ҳелен» ва «Милтон» довулларининг оқибатлари билан боғлиқ. АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари (CDC) маълумотларига кўра, мамлакатда ҳар йили турли Vibrio бактериялари келтириб чиқарадиган 80 мингга яқин инфекция ҳолати қайд этилади.