“Sea Breeze” лойиҳасига қатъий экологик талаблар қўйилди

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида 577 гектар майдонда қурилиши режалаштирилган умуммавсумий курорт мажмуаси — “Sea Breeze Uzbekistan” лойиҳаси Ҳукумат комиссияси томонидан маъқулланди. Лойиҳанинг умумий қиймати 5 миллиард АҚШ долларини ташкил этади.

Курорт мажмуаси туризм инфратузилмасини ривожлантириш, хизматлар сифатини ошириш ва маҳаллий аҳоли учун янги иш ўринлари яратишга қаратилган. Лойиҳа Озарбайжоннинг “Agalarov Development” компанияси ҳамда унинг Ўзбекистондаги қўшма корхонаси “Sea Breeze Uzbekistan” МЧЖ томонидан амалга оширилади.

Асосий шартлар ва мажбуриятлар:

  • Қурилишга киришишдан аввал барча лойиҳа ечимлари ваколатли давлат органлари билан келишилади;
  • Коммунал хизматлар тарифлари Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда белгиланади;
  • Хусусий мулк билан боғлиқ масалалар қонунчиликка мувофиқ ҳал қилинади, мулкдорларга компенсация берилади;
  • Барча муҳандислик ва қурилиш ечимлари экологик талаб ва стандартларга тўлиқ мувофиқ равишда амалга оширилади.

Лойиҳани амалга ошириш жараёнида ҳам, унинг фаолияти давомида ҳам Чорвоқ сув омбори ва Чирчиқ дарёсига чиқинди ҳамда оқова сувлар ташланишига мутлақо йўл қўйилмайди.

“Sea Breeze Uzbekistan” МЧЖ оқова сувларни Чирчиқ шаҳридаги тозалаш иншоотларига йўналтириш бўйича зарур муҳандислик чораларини кўриш мажбуриятини ўз зиммасига олди.

Агар ушбу экологик талаблар бузилса, лойиҳа тўхтатилади ва ер участкасини ижарага бериш тўғрисидаги келишув бекор қилинади.