Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида жойлашган уч қаватли савдо марказида ёнғин юзага келди. Бу ҳақида ФВВ ахборот хизмати хабар берди.
Унга кўра, ёнғин ҳақида илк хабар тонгги соат 03:02 да келиб тушган. Олов савдо марказининг биринчи ва иккинчи қаватларини қамраб олган.
Воқеа жойига 10 та ёнғин-қутқарув экипажи ва 2 та сув ташувчи машина жалб этилган. Экипажлар соат 03:15 да ҳодиса жойига етиб бориб, соат 05:10 да ёнғинни қуршаб олишга муваффақ бўлган.
Ёнғин соат 07:30 да тўлиқ ўчирилган. Ёнғин оқибатида тан жароҳати олганлар тўғрисида ҳозирча маълумот йўқ.
Ҳозирча ёнғиннинг сабаблари аниқланмаган. Терговга оид дастлабки ишлар олиб борилмоқда.