Транспорт вазирлиги матбуот хизмати Ўзбекистон ва Индонезия авиация ҳукуматлари ўртасида янги келишув имзоланганини маълум қилди.
Музокараларда икки мамлакат Транспорт вазирликлари ва Ташқи ишлар вазирликлари вакиллари, шунингдек, Ўзбекистоннинг Индонезиядаги элчиси О.Эшонов, “Garuda Indonesia”, “Air Asia”, “Batik Air” каби авиакомпаниялар вакиллари иштирок этди.
Қайд этилишича, Жакарта шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 53-мақсадига мувофиқ, 2030 йилга қадар авиақатновлар ҳажмини тўрт баробарга ошириш белгиланган.
Музокаралар якунида эса авиация ҳукуматлари ўртасида қуйидаги келишувларга эришилди:
Ҳаво қатнови тўғрисидаги икки томонлама битимдаги авиакомпаниялар сонига доир чекловларни бекор қилиш ва ушбу шартни ваколатли органлар имзолаган келишув асосида кучга киритиш.
Ўзбекистон тайинлаган авиакомпаниялар учун Жакартадан ташқари Денпасар, Сурабая, Медан, Ёгякарта, Мажаленгка, Банда Асех, Танджунг Пандан, Ломбок ва исталган яна икки шаҳарга парвоз қилиш ҳуқуқини бериш.
Индонезия тайинлаган авиакомпаниялар учун Ўзбекистоннинг барча халқаро аэропортларига парвоз қилиш ҳуқуқини бериш.
1995 йилда имзоланган “Келишув” шартларига кўра ҳафтасига уч марта белгиланган авиақатновлар сонини янги келишув асосида ҳар бир томон учун 28 тагача ошириш (жами 56 та), уларнинг ярми йўловчи, қолган ярми юк ташиш учун белгиланади.
Барча авиакомпанияларга ҳаво кемаси ёки юк/йўловчи сиғими бўйича чекловларсиз парвоз қилишга рухсат бериш.
Юк ташиш учун учинчи, тўртинчи ва бешинчи даражали ҳаво эркинликларини берилишини таъминлаш.
Кейинчалик авиақатновлар ҳажмини ошириш ва қўшимча авиакомпанияларни тайинлаш масалаларини ўзаро хат алмашинуви орқали ҳал этиш.