Судялар олий кенгашида “рекорд”: раис ваколат муддати тугаши арафасида 100 дан ортиқ тайинловни амалга оширди

Холмўмин Ёдгоров ваколат муддати тугаши олдидан – 13 иш кунида 7 марта кенгаш чақирган. Бу кутилмаган “рекорд натижа”. Сабаби, кенгаш одатда бир ойда кўпи билан 2-3 марта чақириб келинган.

2020 йил 5 август куни Судялар олий кенгаши раиси этиб сайланган Холмўмин Ёдгоровнинг ваколат муддати 2025 йил 6 августгача эди.

Холмўмин Ёдгоров ваколат муддати тугаши олдидан, яъни 2025 йил 15 июлдан 5 августга қадар 7 марта кенгаш чақирган. Бу 13 иш кунига тўғри келмоқда. Одатда кенгаш ойда бир, кўпи билан 2 ёки 3 марта ўтказиб келинган.

Ўтказилган 7 кенгашда 100 дан ортиқ тайинлов амалга оширилган. Бу ҳақда Судялар олий кенгаши ахборот хизматининг хабарларидан билиш мумкин.

Жумладан, 15 июлда ўтказилган кенгаш йиғилишида ваколат муддати якунига етган 15 нафар судя ушбу лавозимда бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига, 2 нафари ваколати муддатига қайта тайинланган. 18 июлда эса 3 нафар судя ушбу лавозимда бўлишнинг навбатдаги муддатига, 8 нафари ваколати муддати даврига қайта тайинланган бўлса, 24 июлда Судялар олий мактабининг 14 нафар битирувчиси судялик лавозимида бўлишнинг биринчи 5 йиллик муддатига тайинланган.

25 июл куни кенгаш матбуот хизмати “давом этган очиқ танлов” натижасида яна 27 нафар Судялар олий мактаби битирувчиси судялик лавозимига тайинлангани ҳақида ахборот берган. Шундан кейин 31 июл, 4 ва 5 август кунлари ҳам кенгашнинг “очиқ танлов шаклида”ги йиғилишлари бўлиб ўтиб, уларда 59 нафар номзод судялик лавозимида бўлишнинг турли муддатларига тайинланган.

13 иш кунида 77 нафар номзод судялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддати, 20 нафари янги муддатга, 37 нафари ваколати муддатига қайта тайинланган.