Кения шимолида самолёт жирафа билан тўқнашди

Кения шимолидаги қўриқхонада қўниш вақтида бортида америкалик сайёҳлар бўлган самолёт жирафа билан тўқнашди, деб хабар берди маҳаллий KahawaTungu интернет нашри.

“Учувчи самолётни учиш-қўниш йўлаги бўйлаб бошқараётган пайтда, бутазорлардан иккита жирафа югуриб чиқиб, самолётнинг қўниш йўлига чиқиб қолган. Оқибатда тўқнашув содир бўлган”, — деб ёзади нашр.

Самолётдагилардан ҳеч бири жароҳат олмаган, бироқ самолёт винти жирафалардан бирини ҳалок қилган. Тўқнашув натижасида самолёт винти ҳам синган.

Иккинчи жирафа эса йўлакдан ўтиб кетишга муваффақ бўлган.

Ҳодиса юзасидан полиция ва Кения Фуқаро авиацияси бошқармаси томонидан текширув олиб борилмоқда.