Меҳнат муносабатлари ва касбга тайёрлаш тизимида янги ислоҳотлар жорий этилади

Ўзбекистонда меҳнат муносабатларини такомиллаштириш ва касбга тайёрлаш тизимини ривожлантириш бўйича Президент фармони қабул қилинди. Ҳужжат ногиронлар, зўравонликдан жабр кўрганлар, етимлар ва ота-она қарамоғидан маҳрум шахслар манфаатларини ҳам ўз ичига олади.

Иш ўринлари учун мажбурий захира
2025 йил 1 ноябрдан хўжалик юритувчи субъектлар ногиронлар, зўравонликдан жабр кўрганлар, етимлар ва ота-она қарамоғидан маҳрум шахслар учун иш ўринларининг мажбурий захирасини шакллантиради.

  • Бу мажбурий миқдор умумий ходимлар сонининг 3 фоизидан ошмайди.
  • Норма фақат ходимлари сони 100 нафардан ортиқ корхоналарга татбиқ этилади.

Бюджет ташкилотлари ва давлат улуши 50 фоиздан кўп корхоналарда эса ногиронлар, қамалиш жойидан чиққанлар, етимлар ва бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар учун иш ўринлари захираси ташкил этилади. Бу ҳолда захира умумий ходимлар сонининг 7 фоизидан ошмаслиги лозим ва қоидалар ходимлари 20 нафардан кўп бўлган ташкилотларга қўлланилади.

Касбга ўқитишнинг уч босқичли тизими
Камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан видеодарсликлар, касбга ўқитиш ва малака оширишдан иборат уч босқичли ўқув тизими жорий этилади.

Электрон меҳнат шартномаларида янгилик
2025 йил 1 сентябрдан хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳаларида фаолият юритувчи, 50 нафаргача ходими бўлган субъектларга биометрик идентификация (Face-ID) орқали электрон меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилиш ҳуқуқи берилади.

Назорат ва жавобгарлик чоралари

  • 2025 йил 1 августдан давлат меҳнат инспекторлари текширувлари ҳақида ваколатли органни олдиндан хабардор қилиш тартиби бекор қилинди.
  • 2025 йил 1 октябрдан норасмий бандликка йўл қўйган иш берувчиларга нисбатан маъмурий жавобгарлик кучайтирилади.