Объектларни Fast-track усулида қуришга рухсат бериш амалиёти бекор қилинади

Вазирлар Маҳкамаси, Бош прокуратура ва Адлия вазирлигининг объектларни Fast-track усулида қуришга рухсат бериш амалиётини бекор қилиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланади.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва Адлия вазирлиги билан биргаликда қуйидаги масалаларни тегишли қонун, кодекс ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритади:

  • қурилиш регламентлари, миллий қурилиш нормалари ҳамда смета-ресурс нормаларининг ҳуқуқий мақомини белгилаш;
  • мастер-режаларнинг ҳуқуқий мақоми ва унга риоя этмаслик учун жавобгарликни белгилаш;
  • объектларнинг хавф-хатар тоифаси бўйича мураккаблик тоифаси ва сейсмик хавфсизлик жиҳатдан тоифасини уйғунлаштириш (ягона тоифани жорий этиш), шунингдек, ушбу тоифаларни ҳукумат қарори билан тасдиқлаш амалиётини йўлга қўйиш;
  • капитал қурилишда товарлар, ишлар ва хизматлар харид қилиш учун танлов (тендер) ҳужжатларини тайёрлаш фаолиятини лицензияланадиган фаолият турларидан чиқариш;
  • бино-иншоотлар ва объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва лойиҳалаштириш фаолияти бўйича бериладиган лицензияларнинг амал қилиш муддатларини уларнинг хавфлилик даражасидан келиб чиққан ҳолда белгилаш;
  • лицензия талаблари ва шартларини бузиш ҳолатлари аниқланган тақдирда, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг тегишли қарори билан лойиҳа ташкилотлари лицензиясининг амал қилишини вақтинча олти ой муддатгача тўхтатиш;
  • юридик шахсларга (жумладан, уларнинг таъсисчилари ва раҳбарларига) архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш фаолияти бўйича берилган лицензияси бекор қилинган тақдирда, бир йил муддатгача лицензия олишни тақиқлаш талабини белгилаш;
  • архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш фаолиятини лицензиялаш талаблари ва шартларига юридик шахснинг штатида ёки ўриндошлик асосида ишлайдиган мутахассисларига талабларни аниқ белгилаш, бунда:
  • мутахассислар компетенциясини тасдиқловчи сертификатлар мавжудлиги;
  • уларнинг шу кунга қадар амалга оширилган ишлари (портфолио);
  • талабгор ташкилотда ишлайдиган мутахассисларнинг даражасини сўралаётган лицензия тоифасига боғлаш каби мезонлар инобатга олиниши лозим;
  • лойиҳачининг муаллифлик назорати самарадорлигини ошириш. Бунда, муаллифлик назорати муҳандисини аниқ белгилаш ҳамда назоратни амалга ошириш шартномасини алоҳида тузилишини таъминлаш лозим.