Наманган вилоятида Халқ банки тизимида йирик молиявий жиноят аниқланди. Банк маълумотига кўра, жорий йилнинг апрель ойида Минтақавий марказнинг ёлланма ходими банкнинг дастурий таъминотига ноқонуний кириб, 9,5 миллиард сўм маблағни ўзлаштирган. Бу ҳақда Халқ банки матбуот хизмати ёзмоқда.
«Коррупцион ҳолат банкнинг ички назорат тузилмалари томонидан фош этилган ва дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берилган. Шундан сўнг мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилди», – дейилади банк хабарида.
Ҳозирда ушбу жиноятга алоқадор шахслар устидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Банк коррупцияга қарши курашиш ва бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликни давом эттиришини маълум қилган.