Президент тўқимачиликдаги “пахта спекуляцияси”ни танқид қилди ва экспортда рақобатбардошлик масаласини кўтарди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида тўқимачилик соҳасида экспорт салоҳияти ва захираларни ишга солиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда айрим “уддабуронлар” толани қайта ишлаш қуввати етарли бўлмаган ҳолда, давлатнинг арзон ресурси ҳисобига пахта “спекуляцияси” билан шуғулланаётгани кескин танқид қилинди. Шу билан бирга, тўқимачилик корхоналарининг тижорат кредитлари бўйича қарздорлиги 2,2 миллиард доллар экани, кредитларнинг 90–95 фоизи хорижий валютада олингани, ҳамда атиги 16 фоиз корхона халқаро сертификатга эгалиги қайд этилди.

“Бундай шароитда корхоналар ташқи бозорда қандай рақобат қилади, кредитини қандай қайтаради?” — дея савол қўйди Президент.

Шунингдек, ҳар бир вилоятда 10–15 тадан тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхона мавжуд бўлса-да, уларнинг брендлар билан ҳамкорлиги ва замонавий стандартларга ўтиш ишлари суст кетаётгани таъкидланди.

Андижон, Наманган, Фарғона, Навоий ва Тошкент вилоятларида толани қайта ишлаш қуввати мавжуд хомашёдан 2–2,5 баробар кўп эканига қарамай, ҳудудий инвестиция дастурларига ип-калава лойиҳалари киритилаётгани Президент томонидан мақбул деб топилмади.

Йиғилишда, шунингдек, хориждаги дипломатик ваколатхоналарнинг тўқимачилик маҳсулотлари экспортига янада фаол кўмаклашиши зарурлиги қайд этилди.