Энергетика вазирлиги маълум қилишича, Ўзбекистонда биринчи марта табиий газни тозалашда муҳим аҳамиятга эга бўлган адсорбер қурилмалари маҳаллий ишлаб чиқарилмоқда. Ушбу лойиҳа “Ўзбеккимёмаш” заводида амалга оширилиб, илк маҳсулот Шўртан нефть-газ қазиб чиқариш бошқармасига етказиб берилди.
Лойиҳа маҳаллийлаштириш дастури доирасида амалга оширилган бўлиб, у ички талабни қондириш билан бирга экспорт салоҳиятини ҳам оширишга хизмат қилади.
Адсорбер табиий газ таркибидаги олтингугурт бирикмаларини тозалашда ишлатиладиган улкан колонна ҳисобланади. Унинг диаметри 3 метр, девор қалинлиги 100 мм, узунлиги 19 метр бўлиб, 63 атмосфера босимига бардош беради. Қурилманинг оғирлиги 147 тоннани ташкил этади ва у юқори сифатли пўлатдан тайёрланмоқда.
Адсорбция жараёни уч босқичда, яъни газни тозалаш, тозаловчи моддаларни қайта тиклаш ва қурилмани кейинги циклга тайёрлаш амалга оширилади. Маҳаллий ишлаб чиқарилган адсорберлар самарадорлиги ва хизмат муддати юқори бўлиб, яна 8 та қурилма Шўртан нефть-газ қазиб чиқариш бошқармасига етказиб берилиши режалаштирилган.
Завод йилига 20 тага яқин адсорбер ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу ички талабни тўлиқ қондириш ва экспортни кенгайтириш орқали мамлакатнинг технологик мустақиллиги ҳамда рақобатбардошлигини оширишда муҳим қадам ҳисобланади.
Аввал адсорберлар хориждан олиб келинарди. Эндиликда уларнинг Ўзбекистонда ишлаб чиқарилиши таннархни икки баробарга арзонлаштирди. Шу билан бирга, “Ўзбеккимёмаш” заводида 1200 нафардан ортиқ мутахассислар доимий иш ўрни билан таъминланди.