Кучли ёмғирлар сабаб юзага келган сув тошқинлари Ҳиндистон ва Покистонда 200 дан ортиқ одамнинг умрига зомин бўлди, ўнлаб одамлар бедарак йўқолди ва минглаб фуқаролар хавфли ҳудудлардан эвакуация қилинди.
Ҳиндистоннинг Кашмир минтақасида энг кўп зарар кўрган ҳудуд Чосити қишлоғи бўлиб, у ерда фалокат вақтида зиёратчилар бўлган. Расмийларнинг маълумотига кўра, камида 60 киши ҳалок бўлган, 80 га яқин одам бедарак йўқолган. 50 дан ортиқ оғир жароҳатланганлар шифохоналарга етказилган. Ҳодиса сабаб июлда бошланган йиллик ҳинду зиёрати вақтинча тўхтатилган.
Покистонда эса сўнгги бир суткада камида 164 киши ҳалок бўлган, ўнлаб одам жароҳат олган. Шимоли-ғарбий ҳудудларда фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Гуманитар ёрдам олиб кетаётган вертолёт ёмон об-ҳаво сабаб қулаган ва бортдаги 5 нафар экипаж аъзоси вафот этган.
Мансеха тоғли ҳудудида қутқарувчилар кўчкилар сабаб йўллар ёпилиб қолган 1 300 дан ортиқ сайёҳни эвакуация қилди. Маҳаллий ҳокимият маълумотига кўра, 35 киши бедарак йўқолганлар рўйхатида.
Синоптиклар яқин кунларда яна кучли ёмғир ёғишини башорат қилмоқда. Покистоннинг табиий офатларни бошқариш агентлиги эса музлик кўллари ёрилиб кетиши эҳтимоли борлигини огоҳлантирган. World Weather Attribution халқаро илмий тармоғининг ҳисоб-китобларига кўра, бу ёзда Покистондаги ёғингарчилик меъёрдан 10–15 фоиз юқори бўлган. Олимлар бу ҳолатни иқлим ўзгариши билан боғламоқда.