Олий Мажлис Қонунчилик палатасида давлат органлари ёки мансабдор шахслар томонидан фуқаролар ва ташкилотларга етказилган зарарни қоплаш тартибига оид қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Ҳужжат учинчи ўқишда қабул қилиниб, Сенатга юборилди.
Қонунга кўра:
- Агар давлат органи ёки мансабдор шахснинг ноқонуний қарори, ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги натижасида моддий ёки маънавий зарар етказилса, унинг ўрни аввал ҳудудий компенсация жамғармалари ҳисобидан қопланади.
- Кейинчалик айбдор мансабдор шахсдан ушбу маблағлар тўлиқ миқдорда регресс тартибида ундириб олинади.
- Жамғармалар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида ташкил этилади.
Қонун лойиҳаси тайёрланиш жараёнида партиялар ва депутатлар таклифлари асосида такомиллаштирилиб, айрим нормалар қайта кўриб чиқилган.
Парламентда таъкидланишича, мазкур ҳужжат фуқароларнинг давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг ноқонуний қарорлари сабаб етказилган зарар учун давлат томонидан компенсация олиш конституциявий ҳуқуқини кафолатлайди. Шу билан бирга, айбдор мансабдор шахс шахсан жавобгар бўлади.