Шу кунларда истеъдодли бастакор, сўнгги йилларда фаол ижодий изланишлари билан яққол кўзга ташланаётган, Зулфия мукофотининг илк (2020 йил) совриндорларидан бири Ойдин Абдуллаеванинг “Бир ишқ бўлса” номли қўшиқ ва романслари тўплами нашрдан чиқди.

Телевидение ва ижтимоий тармоқлар орқали кўплаб симфоник оркестрлар учун ёзган асарларини томоша қилиб, композиторнинг чинакам ихлосмандига айланган бўлсак, кўзни қувонтирадиган ва бежирим дизайнда ишланган янги китобини кўриб, ютуғидан чин қалбдан қувондик.
Профессор Ойдин Абдуллаева том маънода сермаҳсул ижодкор, мусиқий хазинаси 200дан ортиқ яккахон қўшиқ, романс, қатор телесериаллар ва мусиқали драмалар, пьеса концертлар ва бошқа бастакорлик намуналаридан иборат.

Мазкур нашр турли вокал овозлари учун яратилган 25га яқин сара қўшиқ ва романсларни ўз ичига қамраб олган. Ишқ-муҳаббат, вафо, садоқат, ватан, инсон ҳаётига доим ҳамроҳ бўлувчи турфа мавзулар ўрин олган.
Зеро, бастакор учун шеърият ва мусиқанинг синтезида нозик уйғунликни топа олиш энг асосий масаладир. Кўпинча бунда яхлитлик ва бир бутунликка путур етади ва кутилган натижага эришиш қийин бўлади.
Ойдин Абдуллаевнинг яратувчанлик закоси билан ёзилган оҳанглар инсон ва табиат уйғунлигини, руҳ ва жон мувозанатини тўкис ва мукаммал тарзда янграйди. У шеърнинг мусиқийлигини, ифоданинг равон ва самимийлигини яхши тушунади, матнларни синчков танлайди, ижтимоий жараёнларда ёниқ тарзда уриб турган қалб нолалари ва гўзал туйғулари орқали батафсил ифодалайди.
Романсларидаги вокал партияларининг мазмундорлиги қанчалик ёрқин бўлса, фортепиано жўрлигидаги ифодавийлиги ҳам шу қадар кучли тасвирланади, фортепиано партиялари образга тавсиф беришда кучли омилга айланади.

О. Абдуллаева ижодида шеъриятни хасос англаш, юксак фалсафий-эстетик баён, қалб гармонияси, мусиқий буёқларнинг ёрқинлиги, оҳангнинг янгича шакллари, имкониятларнинг сайқаллашиб бориши устувор унсурлар бўлиб келмоқда.
Бу қўшиқлар овоз диапозони турлича бўлган хонандалар учун мўлжалланган бўлиб, теран ва бетакрор, гўзал лирик ижроси билан бадииятнинг дилбарлиги, нафосати, гўзал хаёлий дунёси, шоир тафаккуридаги яширин ва сержилва характерларни ёрқин ифодалаб беради. Бастакор қўшиқларида миллий анъаналаримизнинг энг яхши ютуқлари, ўзбекнинг тийнати мужассам бўёқлар яққол бўртиб тургани билан аҳамиятлидир.
Куйлардаги янги фантазиялар, шижоат ва жўшқинликнинг изчил ўсиб бориши, беғубор туйғунинг турли қирраларини мукаммал очиб бериш сингари сифатларнинг барчаси оригинал тарзда ва муаллифнинг эзгу мақсадига ҳамоҳангдир.
Китобнинг “ҚЎШИҚЛАР” қисмида таниқли шоира Фарида Афрўзнинг “Бир ишқ бўлса..” шеъри ишқ-муҳаббатнинг юксак пардаларига интилаётган аёлнинг изтироб кенгликларини теран тарзда нотага туширади. Қолаверса, Ғафур Ғуломнинг “Ватаним”, Маҳмуд Тоирнинг “Ватан”, Абдураҳмон Жўранинг “Йўқлаб тур” ва “Эй, гул…”, Иқбол Мирзонинг “Оила” ва “Менинг юртим”, Ибройим Юсуповнинг “Қорақалпоқ элига бағишлов” каби шеърларига ёзилган куйлар олтин тупроқли ва гулзор юртимиз таърифи, оппоқ умидлар гўшаси, эрк-ҳурлик ва озодлик сари интилиш, шунингдек, аёлнинг боқий латофати, ҳижрон азоблари, соғинч туйғуларининг янгича тараннуми сўнгги йилларда профессионал маҳорати тобора юксалаётган муаллифнинг ёрқин мусиқий тилига-услубига айланади.
Тарихнинг энг оғриқли ва фожиавий даври – уруш йиллари ҳақида дард чекиб ёзган Муҳиддин Омоннинг “Кабутар” шеърига ёзилган мусиқа ўзининг нафақат тантанаворлиги, муҳташамлиги, шу билан бирга, жангоҳларда бебаҳо умрини фидо қилган ота-боболаримизнинг ўлмас хотирани ёдга солувчи таъсирчан сокин садолари билан, тўлқинлантириши билан тинчлик истовчи ҳар бир кишини чуқур ўйга толдиради.
О.Абдуллаева алоҳида эътибор билан ёндашиб, Мунира Муҳаммадиёрованинг “Устоз”, “Тез ёрдам”, “Кўргим келар” ҳамда Мунаввара Тиллабоеванинг “Бахт қўшиғи”, “Дарахтлар қўшиғи”, “Она заминим”, “Дугонажон” шеърларига басталаган қўшиқлар ҳам тўпламдан жой олган.
Нашрнинг “РОМАНСЛАР” қисмида эса бутун туркий дунёга машҳур шоирлар Фахриддин Майданли, Илҳомжон Исмоилий, Зулфия, Гулчеҳра Нуруллаева, шунингдек, Константин Симонов каби бетакрор қалам соҳибларининг ажойиб шеърларига мурожаат қилинади.
Муҳаббатга мудом ошуфта, тасаввур дунёси жаҳон мусиқа санъатининг энг сара ютуқларидан маънавий озиқланиб, куч олаётган, инсоннинг мураккаб ички эмоционал олами, кечинмаларини тугал ифода этишга муваффақиятли интилаётган курашувчан шахсни намоён этади.
Ҳаёт мазмунини, қисматини мусиқа билан бевосита боғлаган Ойдин Абдуллаева бугунги кунда ижтимоий фаолликни сусайтираётгани йўқ. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг тегишли қўмитаси раиси ўринбосари сифатида маданий мерос ҳимояси, санъат, таълим, интеллектуал мулк ва муаллифлик ҳуқуқлари ривожи, ижтимоий-маърифий тараққиётимиз, хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида сидқидилдан жон куйдириб келмоқда.
Албатта серқирра ва мушоҳадали ижодкор, салоҳиятли мусиқашунос, композиторликда ўз йўлида мактаб яратаётган, мусиқий-интеллектуал мулкимизга яхши улуш қўшаётган Ойдин Абдуллаеванинг энг сара ижодий намуналари гулдастаси дейиш мумкин.
Мазкур янги китоб юртимиздаги мусиқа олийгоҳлари, соҳага ихтисослашган бошқа таълим даргоҳлари, академик ва эстрада хонандалиги билан қизиқувчилар қўлига қанча кўп етиб борса, шунча фойдали бўлади.
Лазиз Раҳматов,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси