Қозоғистондан Ўзбекистонга ерости қувури орқали ёнилғи олиб ўтганлар қамалди

Ўзбекистон-Қозоғистон чегараси орқали нефть маҳсулотлари контрабандаси билан шуғулланган 5 нафар Қозоғистон фуқаросига ҳукм ўқилди. Бу ҳақда Туркистон вилояти суди Telegram каналида маълум қилинди.

Айбланувчиларнинг барчасига трансмиллий уюшган гуруҳни тузиш иштирок этиш, шунингдек, нефт маҳсулотларини йирик ҳажмда ноқонуний равишда давлат чегараси орқали олиб ўтиш каби айбловлар қўйилди. Айбланувчилар ўз айбини тан олмади.

«2024 йил июль ойида айбланувчилардан бири ўз моддий аҳволини ноқонуний йўл билан яхшилаш мақсадида, Ўзбекистонда бензиннинг юқори нархини билган ҳолда таниши — Ўзбекистон фуқароси билан келишиб, трансмиллий уюшган жиноий гуруҳ тузишга қарор қилган», — дейилади суд қарорида.

Маълумотга кўра, гуруҳга раҳбарлик қилган айбланувчи унинг таркибига яна тўрт айбланувчини ва Ўзбекистон фуқароларини жалб қилган (уларнинг сони ва шахси ҳақида сўз бормаган).

Айбланувчилар Ўзбекистон фуқаролари билан биргаликда Сарқирама қишлоғи (Сариағаш тумани)да хўжалик ҳовлисида узунлиги 375 метрли ерости қувурини ўтказган. Унинг бир қисми Қозоғистон ҳудудидан, иккинчи қисми Ўзбекистондан ўтган.

«2024 йил августидан декабригача улар божхона назоратини четлаб ўтиб, ноқонуний равишда чегарадан ўртача бозор нархи бўйича 112,5 млн тенге (тахминан 209 минг доллар) қийматидаги 420 тонна Аи-92 маркали бензинни олиб ўтган», — дейилади суд ҳужжатида.

Суд гуруҳ раҳбарига 15 йил, бошқа айбланувчиларга эса 13 йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.