Суд ўзбекистонликларни ҳақорат қилган тиктокерга ҳукм ўқиди

Tik Tok платформасида “Абдуллоҳ” номи билан танилган Тошкент вилоятида яшовчи 26 ёшли блогер – Югай Валерийга нисбатан суд ҳукми ўқилди.

У 2024 йилнинг октябрь-ноябрь ойларида Корея Республикасида туриб, Tik Tok’даги саҳифасида миллатлараро низо келтириб чиқариши мумкин бўлган, миллий қадр-қимматни таҳқирловчи ҳамда диний эътиқодга кўра, фуқароларни камситувчи сўзлар билан Ўзбекистон фуқароларини ҳақоратлаган.

Жамоатчиликнинг кескин норозилигидан сўнг мазкур шахс жорий илнинг 25 март куни Абу-Даби – Самарқанд йўналиши орқали Ўзбекистонга келтирилиб, қамоққа олинган.

Мазкур жиноий иш Жиноят ишлари бўйича Нурафшон шаҳар судида кўриб чиқилди.

Суд ҳукмига кўра Югай Валерий Жиноят кодексининг 156-моддаси (миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш) 2-қисми ва 158-моддаси (Ўзбекистон Республикаси Президентига тажовуз қилиш) 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 3 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Энди у тайинланган жазони манзил-колонияларда ўтайди.