Маданият вазири Озодбек Назарбеков яна реклама ролигида суратга тушди. Бу сафар у хусусий олийгоҳ – Kokand University’нинг Андижон филиали рекламасида кўриниш берди.
“Университетда қабуллар давом этмоқда, фурсатдан фойдаланиб барча ёшларимизга ушбу университетда таҳсил олишларини тавсия қиламан”, – деган Назарбеков.
Университет филиали бу роликни ўз расмий саҳифасига 4 июл куни жойлаган.
Бундан аввалги кейс
Бу – маданият вазирининг рекламада суратга тушганига оид биринчи ҳолат эмас. 2024 йилда Озодбек Назарбеков Kingsman кийим дўконини реклама қилиб чиққанди.
Ўшанда ҳолат муҳокамаларга сабаб бўлгач, вазирнинг матбуот хизмати у бундан ҳеч қандай моддий манфаатдорликни мақсад қилмаганини билдирганди.
Реклама соҳасида ваколатли давлат органи – Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳолат бўйича ўрганиш ўтказиб, “Kingsman Uzbekistan” бренди остида фаолият юритувчи “Boutique” МЧЖ рекламада товарлари мансабдор шахс – маданият вазири Озодбек Назарбеков томонидан маъқулланганини кўрсатгани учун реклама қонунини бузган деб топган. Компания молиявий жаримага тортилган.
Вазир эса ваколатли орган томонидан айбсиз деб топилган. У рекламани ҳеч қаерда тарқатмагани туфайли, рекламанинг айланишида расман иштирок этмаган (реклама берувчи ҳам, реклама тайёрловчи ҳам, реклама тарқатувчи ҳам эмас) деган хулосага келинган.
Маълумот учун, “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 16-моддасига кўра, рекламада товар давлат органлари ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан маъқулланганини кўрсатиш тақиқланган.