Рақобат қўмитаси маълумотига кўра, хорижга ишга юбориш бўйича ноқонуний реклама жойлаштирган икки блогерга нисбатан иш судга оширилди.
Маълум бўлишича, @iwash_tashkent саҳифасини юритувчи О.Жўраев ва @abdurahmonmufid саҳифасини юритувчи А.Абдураҳмонов «Adworld Group» МЧЖ фаолиятига оид хорижга ишга юбориш хизматлари ҳақида реклама жойлаштирган. Улар консалтинг хизматлари эмас, балки тўғридан-тўғри хорижга ишга юбориш хизматларини тарғиб қилгани аниқланган.
Қонунчиликка кўра, «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддасида хорижга ишга юбориш фаолияти фақат лицензия асосида амалга оширилиши мумкинлиги белгиланган. Шунингдек, тегишли лицензиясиз бундай фаолият тақиқланади. «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 16-моддасига кўра эса, сертификатсиз ёки лицензиясиз хизматларни реклама қилиш ман этилган.
Айни пайтда, мазкур ҳолат бўйича О.Жўраев ва А.Абдураҳмоновга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар расмийлаштирилиб, судга юборилди.