Марказий Банкнинг маълум қилишича, сўнгги чоракларда Ўзбекистонда реал иш ҳақи ўсиши минтақадаги давлатлар билан солиштирганда пастроқ шаклланмоқда.
Жорий йилнинг январь-март ойларида Марказий Осиё давлатларида реал иш ҳақининг ўртача ўсиши 9,8 фоизни, айрим Кавказ давлатларини ҳисобга олганда эса 9,1 фоизни ташкил этган. Мазкур даврда Ўзбекистонда реал иш ҳақи ўсиши 7,2 фоизга тенг бўлган.
2025 йил II чорагида Ўзбекистонда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 91 долларни ташкил этган. Энг юқори минимал иш ҳақи миқдори Беларусь (243 доллар), Озарбайжон (235 доллар) ва Мўғулистон (222 доллар) давлатларига тўғри келган.
Минтақа давлатлари орасида Қозоғистон (14 фоиз), Қирғизистон (14 фоиз) ва Грузия (12 фоиз) давлатларини ҳисобга олмаганда, бошқа давлатлар, жумладан Ўзбекистоннинг ушбу кўрсаткичлари юқорироқ ва бир-бирига яқин шаклланган.
Ўзбекистонда 2025 йил II чорагида иш ҳақининг номинал ўсиш суръати йиллик 17,2 фоизни, реал ўсиши эса 7,3 фоизни ташкил этган. Бунда ўртача ойлик иш ҳақи 6 миллион сўмга тенг бўлган.