Нашрнинг ёзишича, президент Доналд Трамп ташаббуси билан Вашингтонга жойлаштирилган Миллий гвардия бўлинмаларига 24 августдан бошлаб ўқотар қурол олиб юришга рухсат берилди. Бироқ хизматчилар ундан фақат “сўнгги чора сифатида ва ҳаёт ёки соғлиққа бевосита таҳдид юзага келганда” фойдаланиши мумкин.
Ҳозирда Вашингтонда турли штатлардан келган тахминан 1900 нафар Миллий гвардиячи хизмат қилмоқда. Улар Оқ уй атрофини, Авраам Линколн ёдгорлигидан Конгресс биносигача чўзилган ва сайёҳлар орасида машҳур бўлган Миллий хиёбонни, шунингдек вокзаллар ва метро станцияларини қўриқламоқда.
Пентагон маълумотларига кўра, Миллий гвардия жангчилари АҚШ пойтахтидаги “жиноятчилик даражасини пасайтириш бўйича миссия”да иштирок этмоқда.
Доналд Трамп август ойи бошида Вашингтонга Миллий гвардия ҳарбийларини киритишга қарор қилган эди. У бу қадамни “пойтахтда жиноятчилик даражаси юқорилиги” билан изоҳлаганди. Бироқ расмий статистикага кўра, 2023–2024 йилларда Вашингтонда зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар сони камайган. Шунга қарамасдан, Трамп Вашингтон мэрини “ёлғон ва мутлақо нотўғри” маълумот тақдим этганликда айбламоқда.