Президент Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлашга доир тегишли Фармонни имзолади.
«Мамлакатимизда кенг кўламли ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш, юртимизнинг иқтисодий тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлаш, Янги Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги обрў-эътибори ва нуфузини юксалтиришга қўшган муносиб ҳиссаси, илғор инновацион технологияларни амалиётга жорий этиш, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, ҳудудлар инфратузилмасини жадал ривожлантириш борасидаги улкан хизматлари, жамиятимизда ижтимоий-маънавий барқарорликни сақлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги ибратли фаолияти ҳамда жамоат ишларидаги фаол иштироки учун қуйидагилар мукофотлансин», – дейилади ҳужжат матнида.
Жумладан:
- «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими» фахрий унвони билан 1 нафар;
- «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган саноат ходими» фахрий унвони билан 1 нафра;
- «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган геолог» фахрий унвони билан 2 нафар;
- «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қурувчи» фахрий унвони билан 2 нафар;
- «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган тадбиркор» фахрий унвони билан 2 нафар;
- «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фуқаро авиацияси ходими» фахрий унвони билан 1 нафар;
- «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист» фахрий унвони билан 1 нафар;
- «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан 5 нафар;
- «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан 1 нафар;
- «Меҳнат шуҳрати» ордени билан 3 нафар;
- «Дўстлик» ордени билан 34 нафар;
- «Содиқ хизматлари учун» медали билан 32 нафар;
- «Соғлом турмуш» медали билан 1 нафар;
- «Келажак бунёдкори» медали билан 2 нафар;
- «Жасорат» медали билан 14 нафар;
- «Шуҳрат» медали билан (100 ёшдан ошганлар) 14 нафар;
- «Шуҳрат» медали билан 67 нафар давлат ва бошқа турдаги ташкилотлар ходимлари мукофотланди.