Тошкент шаҳрида иссиқ сув ва иситиш тизимлари нархи оширилиши расман тасдиқланди. Унга кўра, аҳоли учун нарх 15 фоизга, юридик шахслар учун 40 фоизга, бюджет ташкилотлари учун 18,8 фоизга ошириш кўзда тутилган. Расмий қарорлар иқтисодий асослар билан изоҳланмоқда, бироқ оддий аҳолининг кундалик ҳаётига бу ўзгариш қандай таъсир кўрсатишини ҳам очиқ айтиш керак.
Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи ҳали ҳам Марказий Осиёнинг бошқа давлатларига нисбатан паст. Ўртача иш ҳақи 6 миллион сўм атрофида этиб белгиланди. Бироқ Тошкентда яшовчи оддий оила фақат иссиқ сув ва иситиш тизимига ойига қарийб 560 минг сўм тўлаши керак бўлади. Бу эса уларнинг ойлик даромадининг деярли 10 фоизини ташкил қилади. Оддий оиланинг даромади, айниқса паст ойлик оладиган қатламники, асосан озиқ-овқат, уй-жой ва коммунал тўловларга кетади. Иссиқ сув ва иситиш нархларининг ошиши эса уларнинг бюджетига оғирлик қилиши мумкин.
Марказий банк ҳам реал иш ҳақи ўсиши минтақадаги ўртача кўрсаткичдан орқада қолаётганинк маълум қилди. Бу шароитда коммунал хизматларнинг қимматлашуви халқ учун янада оғир юк бўлади.
Нархларнинг ошиши айниқса қиш мавсумида сезиларли даражада оғирлик қилади. Иситиш тизими аҳолининг ҳаётида энг муҳим хизматлардан биридир. Агар одамлар уни қоплашга қурби етмаса, бу соғлиқ муаммолари, энергия тежамкорлиги паст бўлган бошқа чораларни ишлатишга мажбурият келтириб чиқаради.
Расмийлар тарифлар ошишини иқтисодий асос билан изоҳлайди: энергия ресурслари қимматлашмоқда, тизимни модернизация қилиш керак. Ўзбекистонда бугун аҳолининг қарийб учдан бири банк кредитига эга. Янги мебел, маиший техника, уй ёки машина олиш учун одамлар мажбуран қарзга киряпти. Бу оддий танлов эмас, балки тирикчилик босимидан туғилган зарурат.
Марказий банк маълумотига кўра, қарз олувчиларнинг 40 фоизи ойлик даромадининг ярмини кредит тўловларига сарфламоқда. Бу шуни англатадики, кўплаб оилалар яшаш учун қолган пулни фақат озиқ-овқат ва коммунал хизматларга етказишга уринмоқда. Шу пайтда иссиқ сув ва иситиш тизимлари нархи ошиши халқ учун икки карра зарба бўлиши мумкин. Бир томондан, ойликнинг ярми аллақачон банкларга кетмоқда, иккинчи томондан, қолган пулнинг катта қисми коммунал тўловларга сарфланади. Ўртача 6 миллион сўм маош оладиган оиланинг деярли 10 фоизи фақат иссиқ сув ва иситишга сарфланиши, аҳолининг молиявий аҳволи қай даражада танглигини яққол кўрсатади.
Аҳоли “кредит билан яшаш”га ўрганган сари уларнинг иқтисодий мустақиллиги сусайиб, давлат ва банк тизимидан бутунлай қарам бўлиб қолмоқда.
Шу вазиятда, нархларни оширишдан олдин аҳолининг тўлов қобилиятини ошириш, иш ҳақларини барқарор кўтариш, ижтимоий ҳимоя механизмларини кучайтириш зарур. Акс ҳолда, иссиқ сув ва иситиш нархи ошиши аҳолининг норозилигини кучайтиради, бюджетини эса янада сиқиб қўяди.
Ўзбекистон халқи ўзининг меҳнаткашлиги билан фарқ қилади, бироқ паст ойлик – юқори харажат формуласи узоқ давом этиши мумкин эмас. Иситиш ва иссиқ сув нархларини оширишдан кўра, аввало аҳолининг реал даромадларини ошириш устувор вазифа бўлиши керак. Акс ҳолда, иссиқ сув ва иссиқлик тизимларининг нархи ошиши халқ учун қимматга тушади.