АҚШнинг Нью-Йорк штати Сиракуз шаҳрида “Ватандошлар минтақавий форуми” ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси ҳамда “Ватандошлар” жамоат фонди томонидан ташкил этилган ушбу форумда АҚШ ва Канадада истиқомат қиладиган 300 га яқин ватандошлар иштирок этди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев доимо таъкидлаганидек “Қаерда яшамасин, ҳар бир ватандошимиз – Ватанимизнинг ажралмас бир бўлаги, унинг маънавий элчиси, ифтихори ва умидидир.”
Ушбу форум ҳам ўзбек жамияти учун нафақат маънавий бирлашув нуқтаси, балки амалиётда янгича ҳамкорлик йўлларини очиб берувчи стратегик майдон вазифасини ўтади.

Форумда Ўзбекистон Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси раиси Қаҳрамон Сариев нутқ сўзлаб, хориждаги ватандошлар билан яқин алоқалар ўрнатиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди. Шунингдек, тадбиркорлик платформаларини яратиш, жамият ҳаётини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, экологик барқарорлик, сифатли таълим каби масалаларда ўзаро фикр-мулоҳаза алмашиш мақсадида экспертлик ва илмий доиралар вакиллари ҳисобланган хориждаги ватандошларнинг доимий мулоқоти кўринишида “Uz Global Think” форуми, хориждаги ватандошлар билан алоқалар соҳасида давлат сиёсати Консепциясининг янги лойиҳаси, академик доирадаги шахслар, уларнинг ҳаёт йўли, муваффақиятлари, Янги Ўзбекистон тараққиётига хизмат қиладиган тавсияларидан иборат мақолалар жойлаб бориладиган “Who is Who” лойиҳаси хусусида маълумот берди.
Форумда хориждаги ватандошларнинг Ўзбекистон тараққиётидаги роли ва ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Ватандошларнинг янада жипслигини таъминлаш, турли авлод вакиллари – талабалар, ишбилармон-тадбиркорлар, олимлар ва бошқаларнинг ватан билан боғлиқлигини янада кучайтириш масалаларида фикрлар, таклифлар ўртага ташланди.

Форум доирасида турли йўналишларда махсус шўбалар йиғилишлари ҳам бўлиб ўтди. Жумладан, “Таълим ва инновацион иқтисодиёт” қисмида ёшлар салоҳияти ва таълим тизимида ҳамкорлик масалалари, “Рақамли технологиялар ва интеграциялашув” шўбасида ахборот технологиялари соҳасидаги янгиликлар, рақамли хизматлар ва трансмиллий интеграция имкониятлари кўриб чиқилди. Ижтимоий тараққиёт ва маданият йўналишида миллий меросни асраб авайлаш, маданий алоқаларни кенгайтириш, жамиятда ўзбеклар имижини юксалтириш бўйича фикр алмашилди.
Сиракуз форуми миллий дипломатия, иқтисодий ҳамкорлик, маданий интеллектуал қувватни бирлаштирган муҳим воқеадир.

Форум доирасида нафақат Ню-Йорк балки АҚШдаги нуфузли олийгоҳлардан бири ҳисобланган Сиракуз университети билан ҳамкорликда талабалар алманишуви, қўшма илмий тадқиқотлар, профессорлар маърузалари йўлга қўйилиши масалалари муҳокама қилинди. Бу ёшларимиз учун улкан имконият, ватанимиз таълим тизими учун эса тажриба ва инновациялар манбайи бўлиб хизмат қилади.
Форум нафақат диаспора ҳаётини бирлаштирди, балки Ўзбекистоннинг халқаро сиёсий нуфузини мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди.







