Шавкат Мирзиёевнинг фармонларига мувофиқ, Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги муносабати билан турли соҳалар вакиллари фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан мукофотланган эди. Тошкент шаҳрида 27 август куни ушбу мукофотларни топшириш маросими бўлди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.
Давлат раҳбари барчани, аввало, Мустақиллик байрами билан табриклади. Мамлакатда эришилаётган натижаларнинг асоси, саъй-ҳаракатларнинг моҳияти ҳақида тўхталди.
«Янги Ўзбекистонда ортга қайтмас тус олган ислоҳотларимиз қандай улкан натижалар бераётганини барчамиз кўриб турибмиз. Ўтган саккиз йилда ялпи ички маҳсулотимиз шиддат билан ўсиб, 115 миллиард долларга етди. Бугун битта рақамни биринчи марта айтмоқчиман: Халқаро валюта жамғармаси прогнозига кўра, бу йил иқтисодиётимиз ҳажми 130 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда. Яъни, илгари бундай ўсиш, бундай юксак эътироф ҳеч қачон бўлмаган», — деди Шавкат Мирзиёев.
Президент ўтган саккиз йилда аҳоли учун 500 мингдан зиёд кўп қаватли уй-жойлар барпо этилганини қайд этди. Бу мустақилликнинг дастлабки 25 йилига нисбатан тўрт карра кўп. Маҳалла инфратузилмасини яхшилаш, қишлоқларни, йўлларни обод қилиш учун 60 триллион сўм маблағ сарфланди. Ёки, 155 миллиард доллар сармоя ҳисобига 100 мингдан ортиқ инвестиция лойиҳалари ишга туширилди, 7 миллиондан зиёд аҳоли даромадли бўлди.
«Бундай улкан тарихий ютуқларимиз — ўз вақтида чуқур ўйлаб олиб борган кенг кўламли ислоҳотларимиз, энг муҳими, одамларимизнинг тафаккури, дунёқараши ўзгаргани самараси, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Қураётган биноларимиз, замонавий мажмуалар, қулай уй-жойлар, мактаб ва боғчалар, тиббиёт, маданият ва спорт масканлари мисолида Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий қудрати ва улкан бунёдкорлик салоҳияти яққол намоён бўлмоқда. Асосийси, қайси соҳада бўлмасин, ҳар бир ютуқ ва натижа, аввало, инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда», — деди давлатимиз раҳбари.
Президент сўнгги саккиз йилда ижтимоий инфратузилмага олдинги йилларга нисбатан олти карра кўп маблағ йўналтирилганини таъкидлади. Натижада боғча ўринлари 720 мингдан 2,5 миллионга етказилди. 466 та янги мактаб қурилиб, 1 миллионга яқин ўқувчи ўрни яратилди. Талабалар сони 279 мингдан 1,5 миллион нафарга оширилиб, олий таълимда қамров 40 фоизга олиб чиқилди.
Ўтган ҳафтада Тадбиркорлар куни муносабати билан 168 нафар энг илғор бизнес вакиллари, миришкор деҳқон ва фермерлар давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирлангани қайд этилди.
«Бундай фидойи юртдошларимиз, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришдан чарчамайман. Албатта, бу бежиз эмас. Барчангиз яхши биласиз, бундан ўн йил олдин биз асосан хомашё экспорт қилар эдик. Ҳозирги кунда эса, саноат маҳсулотлари ҳажмини 2016 йилги 28 миллиарддан 62 миллиард долларга етказдик. Агар вақтида тадбиркорлик учун қулай шароитлар яратиб бермасак, бундай ютуқларга эриша олармидик? Йўқ, албатта», — деди давлатимиз раҳбари.
Мамлакатда фақат саноат билан чекланиб қолмасдан, хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантиришга ҳам алоҳида аҳамият берилаётгани таъкидланди.
«Авваллари 500 миллион долларга етмаган туризм экспорти ҳозир 3 миллиард долларлик маррадан ошди. Етти-саккиз йил олдин IT экспорти 1 миллиард долларга етади, деса, бунга ким ишонарди? Энг муҳими, барча тармоқларга янги илм, замонавий технологиялар кириб келди. Уларда юз минглаб иш ўринлари ва юқори малакали кадрлар армияси пайдо бўлди. Ҳар бир соҳада Янги Ўзбекистоннинг ўз стратегияси, тажриба мактаби шаклланди. Мамлакатимизнинг ана шундай янги тарихи, янги қиёфасини яратишда бутун халқимиз қатори сиз, азизларнинг ҳам муносиб ҳиссангиз бор ва бунинг учун барчангизга чуқур миннатдорлик билдираман», — деди Шавкат Мирзиёев.
Президент жойларда давлат мукофотларини қабул қилиб олаётган ватандошларимизни ҳам табриклади. Шундан сўнг, мукофотланганларга фахрий унвон, орден ва медаллар тантанали равишда топширилди.
Фото

































