Тошкент метросида касса операторлари лавозимлари тугатилади

Тошкент метрополитенида касса оператори ва катта оператор лавозимлари босқичма-босқич тугатилади. Бу ҳақда метрополитен маъмурияти маълум қилди.

Хабарга кўра, бекатларда чипта сотиб олиш учун автоматлаштирилган банкоматлар ўрнатилмоқда ва натижада операторларга бўлган талаб камайиб бормоқда. Биринчи босқичда 204 та касса оператори лавозими белгиланган ҳуқуқий ҳужжатлар асосида қисқартирилди.

Йил якунига қадар барча бекатларда автомат банкоматлар жойлаштирилиши режалаштирилгани сабаб, оператор ва катта оператор лавозимлари умуман қолмайди.

Метрополитен маъмурияти маълумотича, лавозими қисқартирилаётган ходимлар учун қўшимча имкониятлар яратилади. Хусусан, улар бухгалтерия, тикувчилик, қандолатчилик ва бошқа йўналишлар бўйича касб-ҳунар курсларида иштирок этиш имконига эга бўлади. Ушбу курсларнинг тўлови «Тошкент метрополитени» ДУК томонидан тўлиқ қоплаб берилади.