Автомобилларни Пискент автополигонида синовдан ўтказиш амалиёти тўхтатилди

Ўзбекистонда 2 сентябрдан автомобилларни Пискент синов мажмуасида синовдан ўтказиш амалиёти бекор қилинди. Бу ҳақда Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги маълум қилди.

Агентликка кўра, бундай қарор республикада расмий дилерлар ва сервис марказлари сони кескин ошгани ҳамда истеъмолчиларнинг расмий дилерлар орқали иш юритиш амалиёти жорий этилгани сабабли қабул қилинган.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистонга импорт қилинаётган автомобилларнинг сифати ва хавфсизлиги доимий назорат қилинади. Амалдаги талабларга мувофиқ келмаган ҳолатлар ёки истеъмолчилардан эътирозлар келиб тушганда, тегишли чоралар кўрилиши таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 1 ноябрдан хориждан олиб кирилган автомобиллар божхона ҳудудида эмас, балки Тошкент вилояти Пискент туманидаги автополигонда техник кўрикдан ўтказила бошлаган эди. Синовлар «Ўзбекистон илмий синов ва сифат назорати маркази» (UzTest) томонидан амалга оширилган ва асосан расмий дилер бўлмаган шахслар ҳамда хусусий тадбиркорлар импортига қаратилганди.

Шу даврда ижтимоий тармоқларда автополигон йўлидаги узун навбатлар акс этган видеолар тарқалган, айрим фуқаролар жараённинг узоқ давом этиши сабаб машиналарда тунашга мажбур бўлганини айтган эди.