Тошкент ҳайвонот боғида қизини айиқ қафасига ташлаган она уни пичоқлаб ўлдирди

Уч йил аввал қизини айиқ қафасига ташлаган она Тошкентнинг Сергели туманида боласини пичоқлаб ўлдирди. Фожиа тафсилотлари ҳақида Миллар телекўрсатуви эфирида маълум қилинди.

Маълумотларга кўра, 34 ёшли аёл носоғлом аҳволда бўлганида ошхона пичоғи билан 7 ёшли қизига бир неча марта зарба берган. Биринчи синфга борганига эндигина бир ҳафта бўлган қиз олган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этган.

Маълум бўлишича, аёл 2022 йилдан буён психоневрология диспансерида рўйхатда турган ва шу ерда даволаниб келган. 2 август куни унга амбулатор даволаниш учун рухсат берилган. Аёлнинг ўғли ҳам бор.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи қўлга олинган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.