Ўзбекистонда стейблкоинлар ва активлар токенизацияси синовдан ўтказилади

Ўзбекистон ҳисоб-китоблар учун стейблкоинлардан (рақамли валюталар) фойдаланишни, шунингдек, фонд бозорида активларни токенизация қилишни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалига Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА) директорининг биринчи ўринбосари Вячеслав Пак маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, президент Шавкат Мирзиёев 10 сентябрдаги йиғилишда ИЛМА ва Марказий банкка мазкур йўналишда топшириқ берган.

«Ҳисоб-китоблар учун тўлов воситаси сифатида стейблкоинлардан фойдаланишни синовдан ўтказиш, шунингдек, капитал бозорида қимматли қоғозларни токенизация қилишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш топширилди», — деди Пак.

Унинг таъкидлашича, агентлик Марказий банк ва бошқа манфаатдор идоралар билан ҳамкорликда ушбу топшириқни бажариш бўйича иш олиб боради.

Қўшни Қирғизистонда эса 2025 йилда олтин билан таъминланган ва АҚШ доллари курсига боғланган USDKG стейблкоинини ишга тушириш режалаштирилмоқда. Шунингдек, мамлакатда биткоин-резерв тўғрисидаги қонун лойиҳаси ҳам маъқулланган.

Маълумот учун: стейблкоинлар — қиймати АҚШ доллари, евро ёки олтин каби активларга боғланган криптовалюта тури. Токенизация эса қимматли қоғозлар ҳуқуқларини блокчейн технологияси орқали рақамли кўринишга ўтказиш жараёни ҳисобланади.