ЖССТ дунёда вабо тарқалиши хавфини жуда юқори деб баҳолади

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) вабо тарқалишининг глобал хавфини жуда юқори деб ҳисобламоқда ва бутун дунё мамлакатларида ўлим даражасини камайтириш ҳамда касаллик тарқалишини жиловлаш учун шошилинч чоралар кўрмоқда. Бу ҳақда БМТ ахборот хизмати хабар берди.

ЖССТ маълумотларига кўра, ушбу касалликка чалинаётганларнинг ҳам, ундан вафот этаётганларнинг ҳам сони ортиб бормоқда. 2024 йилда қайд этилган вабо ҳолатлари сони 2023 йилга нисбатан 5 фоизга кўпайган, ўлимлар эса 50 фоизга ошган. 6 мингдан ортиқ одам олдини олиш ва даволаш мумкин бўлган ушбу касалликдан вафот этган.

2024 йилда вабо 60 мамлакатда қайд этилган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 45 та эди. Дастлабки маълумотлар 2025 йилда ҳам глобал вабо инқирози давом этаётганини кўрсатмоқда: йил бошидан буён 31 мамлакатда касаллик тарқалиши ҳақида хабар берилган. Вабо энг кўп Африка, Осиё ва Яқин Шарқда тарқалган.

“Можоролар, иқлим ўзгариши, аҳолининг кўчиши ва тоза сув ҳамда гигиена воситаларининг доимий танқислиги вабо касаллигининг ўсишига сабаб бўлди. Vibrio cholerae бактерияси қўзғатадиган бу касаллик ифлос сув орқали юқади”, дейилади хабарда.

Вабога қарши курашиш учун ҳукуматлар, донорлар ва маҳаллий ҳамжамиятлар аҳолига хавфсиз сув ва гигиена воситаларини таъминлаши, ўзини  асраш бўйича аниқ маълумот бериши, зарур даволаш чораларини қисқа муддатда кўрсатиши ва касаллик тарқалган тақдирда аҳоли орасида эмлаш ўтказиши зарур. Самарали эпидемиологик назорат ва диагностика бундай чораларни амалга оширишга ёрдам беради. Шунингдек, вакцина ишлаб чиқаришга қўшимча инвестициялар талаб этилади.

Қайд этилишича, вабо учун мўлжалланган янги инновацион вакцина (OCV) Euvichol-S® 2024 йил бошида олдиндан тасдиқдан ўтган. Бироқ 2024 ва 2025 йилларда вакцина етказиб бериш талаби эҳтиёжни қоплашдан ортда қолмоқда.

Маълумот учун, вабо хавфли ичак инфекцияси бўлиб, асосан ифлос сув ёки озиқ-овқат орқали юқади, унинг асосий белгилари сувдек ич кетиш, қусиш ва тез сувсизланишдир. Даволашнинг энг муҳим йўли суюқлик ва туз балансини тиклаш ҳамда оғир ҳолатларда антибиотиклар қўллаш. Касалликнинг олдини олиш учун эса тоза ичимлик сувидан фойдаланиш, гигиена ва санитария қоидаларига риоя қилиш зарур.