Хитой чиқинди ёқиш заводларида чиқиндилар тақчиллиги муаммоси пайдо бўлди, деб хабар берди Financial Times.
Чиқиндилар ҳажмининг қисқариши истеъмолнинг секинлашуви, аҳоли сонининг камайиши ва мамлакатда чиқиндилар масаласидаги оқилона бошқарув билан боғлиқ, деб ёзди нашр.
Ўн йил олдин Хитой ўз шаҳарларини «чиқиндилар қамали»дан халос қилиш мақсадида чиқинди ёқиш заводларини қуришга катта сармоя киритишни бошлаган.
Сарфланган пуллар ортиғи билан натижа берди ва ҳозирга келиб айрим чиқинди ёқувчи заводларнинг қуввати ҳосил бўладиган чиқиндилар ҳажмидан юқори бўлиб қолмоқда. Шу сабабли баъзи заводлар ёпилмоқда, айримлари эса чиқиндиларни сотиб олишга мажбур.