Энди битирувчилар мактабдаги имтиҳон натижалари билан олийгоҳга кира олади

Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида ўқитувчи ва мураббийлар билан мулоқотида чоғида маълум қилди.

Президент таъкидлашича, энди мактаб битирувчилари якуний имтиҳон натижалари билан хоҳласа техникумга, истаса олийгоҳга кириш имкониятига эга бўлади.

“Халқимизнинг келажаги мактабдан бошланади. Чунки фарзандларимизга билим ва тарбия беришнинг энг узоқ давом этадиган, керак бўлса ҳал қилувчи босқичи бу – мактаб таълимидир”, — деди Мирзиёев.

Айни пайтда мамлакат мактабларида 6,5 миллион ўқувчи таҳсил олмоқда. Бу йил уларнинг 400 минга яқини битирди, 1-синфга эса 720 минг бола қабул қилинди. Сўнгги саккиз йилда 500 га яқин янги мактаб қурилиб, мавжудлари кенгайтирилгани ҳисобига 1 миллион ўқувчи ўрни яратилди.

Шунингдек, хусусий мактаблар фаолияти кенгайиб, бугунги кунда уларда 200 мингдан зиёд ўқувчи таҳсил олмоқда.

Янги ўқув йилидан эса 9- ва 11-синф ўқувчилари учун ягона давлат имтиҳонлари жорий этилади. Бу орқали қарийб 400 минг 9-синф битирувчиси техникумларга қамраб олинади. Олий таълимга йўналишни истаганлар учун эса фанлар чуқурлаштириб ўқитилади.