Бугун жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди томонидан Қишлоқ хўжалиги вазири лавозимида ишлаган А. Воитов ва бошқаларга (жами 62 киши) оид жиноят иши бўйича биринчи инстанцияда суд жараёни якунланиб, ҳукм эълон қилинди.
Суд ҳукмига кўра, А. Воитов Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди ва бошқа моддаларида назарда тутилган жиноятларда айбли деб топилди. Унга етказилган моддий зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганлиги сабабли:
- базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 баравари миқдорида жарима,
- ҳар ойлик иш ҳақининг 30 фоизини давлат даромадига ундириш,
- 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари,
- бошқарув тизими ва мансабдорлик лавозимларини эгаллаш ҳуқуқидан 3 йилга маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Х. Каримов (Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги директори лавозимида ишлаган) эса тегишли моддалар билан 3 йилга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Қолган 60 нафар судланувчидан:
- 9 нафари озодликдан маҳрум қилиш,
- 51 нафари эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларга ҳукм қилинди.
Маълумот учун, Жиноят кодексининг 167-моддаси 4-қисмига кўра, етказилган зарар тўлиқ қопланган тақдирда озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилмайди. Шу боис, А. Воитовга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмади.
Биринчи инстанция суди ҳукми устидан тарафлар қонунчиликда белгиланган тартибда апелляция ёки кассация шикояти билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.