Ўзбекистонда солиқдан қочишга уринган 1407 та корхона жаримага тортилди

2025 йил январь–август ойларида Ўзбекистонда солиқларни тўламаслик хавфи юқори бўлган 2 минг 873 та корхонада текширув ўтказилди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси маълум қилди.

Текширув ўтказишдан аввал мазкур субектлар 8,8 трлн сўмлик солиқларни тўламаслик хавфи юқори дея баҳоланган. Аудит давомида эса кўзда тутилган сумма янада кўпроқ — 9,9 трлн сўмга етган.

Инфографика: Солиқ қўмитаси

Текширув давомида солиқ тўлашдан энг кўп қочишга уринган соҳалар савдо ва умумий овқатланиш бўлган – 5,7 трлн сўм. Бу жами кўрсаткичнинг 57,6 фоизига тенг.

Кейинги ўринларда ишлаб чиқариш (1,2 трлн сўм), қурилиш (948,7 млрд сўм) ва хизмат кўрсатиш (775,8 млрд сўм) соҳалари қайд этилган. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги (516,4 млрд сўм) ҳамда транспорт (411 млрд сўм) тармоқлари солиқ базасини нисбатан кўпроқ яширишга уринган.

Текширув давомида 1 минг 407 та корхона 15,9 трлн сўмлик солиқ базасини яширгани аниқланган. Уларга нисбатан жами 3,2 трлн сўм жарима қўлланилган.

Мазкур субектлардан 512 таси 4,8 трлн сўмлик сотилган товарлар миқдорини яширган. Яна 434 та корхонанинг 5,4 трлн сўмлик товарлари ҳисоб-китоб пайтида омбор ёки сотув жойида мавжуд бўлмаган.

Шунингдек, 461 та субъектда 5,6 трлн сўмлик кирим қилинмаган товарлар сақланган ёки сотилган.