Сурхондарёда ҳакамлик судининг кадрлар бўлими бошлиғига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақида ДХХ матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, Сурхондарё вилояти Медиация ва юридик маслаҳатлар ҳузуридаги ҳакамлик судининг кадрлар бўлими бошлиғи хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда Термиз шаҳрида истиқомат қилувчи фуқарони юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали вилоят Божхона бошқармасига назоратчи вазифасига ишга жойлаштириб қўйиш эвазига 1000 АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Термиз шаҳар прокуратураси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ушбу шахс сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.