Ўзбекистон бўйлаб сентябрь–октябрь ойларида хавфсизлик ва табиат муҳофазасига қаратилган кенг кўламли рейд тадбирлари ўтказилмоқда. Навоий вилоятида ўтказилган текширувларда жамият хавфсизлиги ва экологияга таҳдид солувчи ҳолатлар фош этилди.
Нурота туманида 1950 йилда туғилган фуқаро Ҳ.Ғ. уйидан ҳеч қандай рухсатномасиз ов қуроли сақлаб келаётгани аниқланди. Шунингдек, Кармана туманида яшовчи фуқаро Ш.Р. хонадонида бир дона, бир стволли, 20 мм калибрли “ТОЗ” русумли қурол ҳужжатсиз сақланаётгани маълум бўлди. Ҳар икки ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 248-моддасига асосан жиноят иши қўзғатилди. Унга кўра, ноқонуний қурол сақлаш 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Қонунчиликка кўра, қурол ва ўқ-дориларни ихтиёрий равишда топширган фуқаролар жавобгарликдан озод қилинади. Шу боис мутасаддилар аҳолини қонунга хилоф ҳолатларга йўл қўймасликка ва мавжуд қуролларни белгиланган тартибда расмийлаштиришга чақирмоқда.
Шу билан бирга, Нурота тумани Айдар-Арнасой кўллар тизими чўл ҳудудларида «Форд» автомашинасида саксовул буталарини ноқонуний синдириб келаётган фуқаро А.С.А. ҳам қўлга олинди. Унга 10,3 миллион сўм маъмурий жарима ва табиатга етказилган зарарни қоплаш учун 11,5 миллион сўм тўлов ҳисобланди.
