Хоразмда автомашиналар тўқнашуви оқибатида 2 ёшли бола ҳалок бўлди

Cobalt ҳайдовчиси Nexia автомашинаси билан тўқнашувдан сўнг бошқарувни йўқотиб, пиёдалар йўлагида турган болани босиб кетган.

Кеча, 17 сентябрь куни соат 09:00 атрофида Хоразм вилояти Янгиариқ туманида одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

«Ангариқ» МФЙ ҳудудидан ўтувчи автомобиль йўлининг 1-километрида 34 ёшли Nexia ҳайдовчиси чапга бурилмоқчи бўлган.

Шу пайт орқада келаётган 33 ёшли Cobalt ҳайдовчиси уни қувиб ўтмоқчи бўлиб, Nexia’га бориб урилган. У бошқарувни йўқотиб, пиёдалар йўлагида турган икки ёшли болани уриб юборган.

Ушбу ЙТҲ оқибатида бола олган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Янгиариқ тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.