16 сентябрь куни Санкт-Петербург шаҳрида қурилиш ишлари вақтида фожиали ҳолат содир бўлди. Добролюбов проспектида Россия Федерацияси Олий суди ва Суд департаменти бинолари қурилиши жараёнида 23 ёшли муҳожир монтажчи ҳавоза (лесa)дан йиқилиб, ҳалок бўлди. Бу ҳақда Шимоли-Ғарбий минтақалараро давлат меҳнат инспекцияси матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, ишчи 15 метр баландликдаги ҳавозада ишлар олиб бораётган пайтда тўсатдан тепадан йиқилиб тушган. Энг ачинарлиси, компания билан ёш ишчи ўртасида ҳеч қандай меҳнат шартномаси расмийлаштирилмагани маълум қилинган.
Инспекция баёнотида таъкидланишича, фожианинг асосий эҳтимолий сабаблари шахсий ҳимоя воситалари ва жамоавий муҳофаза ускуналаридан фойдаланилмагани, шунингдек, баландликдаги иш жараёни нотўғри ташкил этилгани бўлиши мумкин.
Шимоли-Ғарбий минтақалараро давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи ўринбосари Ольга Казанская бу каби ҳолатлар ишчилар хавфсизлигига жиддий таҳдид солишини ва келгусида уларнинг олдини олиш учун назорат кучайтирилишини қайд этди.